Об утверждении Положения о государственной регистрации продукции и процедурах подтверждения соответствия
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 августдаги 502-сон қарорига
4-ИЛОВА
Менежмент тизимларини сертификатлаштириш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида» ва «Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитация қилиш тўғрисида» қонунларига асосан менежмент тизимларини сертификатлаштириш тартибини белгилайди.
2. Менежмент тизимларини сертификатлаштиришнинг схемалари, услублари ва тартиблари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда ушбу Низом талабларига мувофиқ белгиланади.
Менежмент тизимларининг мувофиқлигини баҳолаш ишларини амалга оширишда ушбу Низомда белгиланган тартиб билан бир қаторда менежмент тизимларини сертфикатлаштириш фаолиятини тартибга солувчи халқаро стандартлар туркумида назарда тутилган талаблар, муайян менежмент тизими учун белгиланган алоҳида қоидалар, менежмент тизимларини сертификатлаштириш соҳасида халқаро ташкилотлар томонидан умумэътироф этилган тамойиллар инобатга олинади.
3. Менежмент тизимлари белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган менежмент тизимларини сертификатлаштириш органлари (кейинги ўринларда — МТСО) томонидан уларнинг аккредитацияси доирасида сертификатлаштирилади.
Менежмент тизимларини сертификатлаштиришда ариза берувчи, бир нечта МТСО мавжуд бўлса, ўз танловига биноан улардан бирига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
2-боб. Асосий тушунчалар
4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
ариза берувчи — менежмент тизимларини сертификатлаштиришга талабгор бўлган юридик шахс;
ахборот тизими — маҳсулот ва хизматларга мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва электрон реестрни юритиш ахборот тизими;
менежмент тизимларини сертификатлаштириш органи (МТСО) — қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган Ўзбекистон Республикаси резиденти, менежмент тизимларини сертификатлаштириш фаолиятини амалга оширувчи орган сифатида аккредитациядан ўтган юридик шахс;
менежмент тизимларини сертификатлаштириш — менежмент тизимларининг сертификатлаштириш схемасига асосан халқаро стандартларда белгиланган талабларга мувофиқлигини баҳолаш бўйича фаолият;
мувофиқлик сертификати — сертификатлаштирилган менежмент тизимларининг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида сертификатлаштириш тизими қоидаларига биноан расмийлаштириладиган ҳужжат;
назорат аудити — белгиланган талабларнинг бажарилиши даражасини аниқлаш мақсадида ёзувларни олиш, далиллар ёки бошқа тегишли ахборотни қайдлаш ва уларни холисона баҳолаш бўйича мунтазам, мустақил, шунингдек, ҳужжатлаштирилган тарзда олиб бориладиган жараён.
3-боб. Менежмент тизимларини сертификатлаштириш тартиби
5. Менежмент тизимларини сертификатлаштириш (кейинги ўринларда — сертификатлаштириш) қуйидаги босқичларни ўз ичига олади:
а) муайян менежмент тизимига белгиланган талабларга мувофиқ ахборот тизими орқали сертификатлаштириш учун ариза бериш;
б) сертификатлаштириш учун берилган аризани кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш;
в) сертификатлаштириш учун шартнома тузиш;
г) сертификатлаштириш учун етарли ваколатга эга аудит гуруҳини шакллантириш;
д) менежмент тизимлари аудитини белгиланган босқичларда ўтказиш ва унинг натижалари бўйича ҳисобот тузиш;
е) мувофиқлик сертификатини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
ж) мувофиқлик сертификатини ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш.
6. Ариза берувчи томонидан мустақил танланган МТСО аризага мувофиқ сертификатлаштириш ишларини амалга оширади.
4-боб. Ариза тақдим қилиш
7. Ариза берувчи халқаро стандартларда белгиланган талабларга мувофиқ сертификатлаштиришга ушбу Низомга 4-иловага мувофиқ аризани Низомнинг 9-бандидаги маълумотларни илова қилган ҳолда МТСОга йўллайди.
8. Ариза берувчи сертификатлаштириш учун аризани унга зарур ҳужжатлар ва маълумотларни илова қилган ҳолда ахборот тизими орқали юборади.
9. Сертификатлаштириш учун тақдим қилинадиган аризада қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:
а) менежмент тизим(лар)и билан қамраб олинган сертификатлаштириш сўралган соҳа (сертификатлаштириш соҳаси);
б) менежмент тизим(лар)ининг мувофиқлигини баҳолашга оид техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжат(лар)га ҳавола;
в) ариза берувчининг фаолияти тавсифи;
г) сертификатлаштириш билан қамраб олиш назарда тутилган ариза берувчининг доимий ва/ёки вақтинча фаолият кўрсатиш жой(лар)и сони ҳамда ушбу жой(лар)нинг тўлиқ номи, манзили ва уларда олиб бориладиган фаолият тавсифи;
д) ариза берувчининг пудрат асосида амалга оширадиган фаолияти (жараёнлари) тавсифи;
е) ариза берувчининг фаолиятига оид жараёнлар ҳамда унга боғлиқ инсон ва техника ресурслар тафсилоти;
ж) менежмент тизим(лар)ини жорий этиш билан боғлиқ консалтинг хизмати жалб қилинганлиги тўғрисида маълумот (жалб этилган бўлса);
з) аввалги сертификатлаштириш тўғрисида маълумот (амалга оширилган бўлса).
Ариза берувчи ўз ихтиёрига кўра қўшимча маълумот ва/ёки ҳужжатларни тақдим қилиши мумкин.
10. Сертификатлаштириш учун ариза ва унга илова қилинган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун ариза берувчи жавобгар.
5-боб. Сертификатлаштириш учун тақдим этилган ариза ва ҳужжатлар тўпламини кўриб чиқиш тартиби
11. МТСО тақдим этилган ариза ва маълумотларни кўриб чиқиб таҳлил қилади, таҳлил натижалари бўйича 3 иш куни мобайнида сертификатлаштириш учун аризани қабул қилиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Ариза берувчига 1 иш куни мобайнида қабул қилинган қарор тўғрисида хабарнома ёки асослантирилган рад жавобини (бевосита ёки электрон почта орқали ёки тегишли электрон тизим орқали) юборади.
12. Сертификатлаштириш учун аризани қабул қилишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган маълумотларнинг тўлиқ тақдим этилмаганлиги;
сертификатлаштириш учун аризага илова қилинган ҳужжат ва маълумотларнинг сохталиги ёки нотўғрилиги аниқланганлиги;
сертификатлаштириш учун МТСОда сўралган сертификатлаштириш соҳасида зарур компетентлик тасдиқланмаганлиги;
сертификатлаштириш учун аризанинг ушбу Низом билан белгиланган бошқа талабларга номувофиқлиги.
13. Сертификатлаштириш учун аризани қабул қилиш рад этилганда, ҳужжатлар ариза берувчига қайтарилади.
14. Ариза берувчи қайд этилган рад этиш сабабларини бартараф этгандан сўнг сертификатлаштириш учун қайта ариза бериш ҳуқуқига эга.
15. Сертификатлаштириш учун ариза қабул қилинган тақдирда, ариза, уни қабул қилиб олинган кундан бошлаб 3 иш куни ичида МТСО ва ариза берувчи ўртасида сертификатлаштириш тўғрисида шартнома тузилади.
16. Менежмент тизимларини сертификатлаштириш, жорий этиш ва ўқитиш ишлари учун харажат мазкур Низомга 2-иловага мувофиқ тартибда тўланади.
17. Менежмент тизимларини сертификатлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар учун, унинг натижаларидан қатъи назар, ариза берувчи томонидан сертификатлаш тўғрисидаги шартномада кўрсатилган миқдорда тўланиши шарт. Бунда сертификатлаштириш бўйича ишлар қиймати сертификатлаштириш бўйича қарор қабул қилингунга қадар тўлаб берилиши керак.
18. Менежмент тизимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш мақсадида ариза берувчи томонидан консультантни жалб этиш очиқ танлов асосида амалга оширилганда, кўрсатилган хизматларнинг умумий қиймати ҳақиқий сарфларни ҳисобга олган ҳолда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан ошмаслиги лозим.
6-боб. Сертификатлаштириш учун етарли ваколат — малака даражасига эга аудит гуруҳини шакллантириш тартиби
19. Сертификатлаштириш бўйича ишлар қийматининг биринчи тўлови амалга оширилгандан сўнг МТСО 5 иш куни ичида, бироқ шартнома тузилгандан сўнг 10 иш кунидан кечиктирмай сертификатлаштириш бўйича аудиторлар гуруҳини шакллантиради.
20. МТСО мазкур Низомнинг 9-бандида келтирилган маълумотларга таяниб, менежмент тизимларини сертификатлаштириш бўйича халқаро стандартларда белгиланган тартибда тузиладиган аудит дастури асосида сертификатлаштиради.
21. МТСО аудит дастурида менежмент тизим(лар)ини дастлабки сертификатлаштиришдаги биринчи ҳамда иккинчи босқич аудитида мувофиқлик сертификати амал қилиш даврида ўтказиладиган назорат ва қайта сертификатлаштириш аудитида амалга ошириладиган тадбирларни аниқ акс эттириши шарт.
22. МТСО томонидан менежмент тизими аудитини режалаштириш ва аудит вақтини ҳисоблаш учун қуйидагилар асос бўлади:
МТСО аудит жараёнида қамраб олинадиган менежмент тизим(лар)ининг мураккаблик ва интеграциялашув даражаси;
ариза берувчининг фаолияти натижалари (мисол учун, фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI), шикоятлар ва бошқалар);
сертификатлаштириш билан қамраб олинадиган фаолият юритиш жой(лар) сони, жараён(лар), инсон ва техник ресурслар кўлами;
менежмент тизимини баҳолаш учун менежмент тизимларини сертификатлаштириш соҳасида халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган ва умумэътироф этилган мезонлар;
қонунчиликда назарда тутилган алоҳида талаблар.
23. Сертификатлаштириш бўйича аудит гуруҳининг таркиби, сертификатлаштириш муддатлари ва жойи МТСО томонидан ариза берувчи билан келишилган ҳолда белгиланади.
24. МТСО ариза берувчи билан тузиладиган юридик кучга эга келишув асосида зарур ҳолларда аудит гуруҳи таркибида кузатувчилар, аккредитация органи баҳоловчилари ва бошқа иштирокчиларнинг аудит жараёнида қатнашишини таъминлайди.
7-боб, Менежмент тизимлари аудитини белгиланган босқичларда ўтказиш ва унинг натижалари бўйича ҳисобот
25. Менежмент тизим(лар)ининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида аудитлар белгиланган босқичларда ўтказилади.
26. Ўтказилган биринчи босқич аудити натижасида менежмент тизимлари ҳужжатларининг таҳлили, аудит мақсадларига эришилганлик ва ариза берувчининг кейинги босқич аудитига тайёрлик даражаси юзасидан хулоса ҳамда менежмент тизимларини сертификатлаштириш фаолиятини тартибга солувчи тегишли халқаро стандартлар туркумида назарда тутилган маълумотларни ўзида жамлаган ҳисобот 15 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда тузилади ва ариза берувчига тақдим қилинади.
Ҳисоботда қўшимча равишда сертификатлаштириш учун аҳамиятга эга бошқа маълумотлар акс эттирилиши мумкин.
27. Менежмент тизимларининг иккинчи босқич аудити сертифжатлаштириш билан қамраб олиниши назарда тутилган жой(лар)да ўтказилади. Бундай жойлар сирасига ариза берувчининг доимий ва/ёки вақтинчалик фаолият кўрсатиш жойлари, филиаллари, виртуал мақсаддаги жойлари киритилиши мумкин.
28. Менежмент тизимларининг иккинчи босқич аудити натижалари бўйича ҳисобот менежмент тизим(лар)ини сертификатлаштириш фаолиятини тартибга солувчи халқаро стандартлар туркумида талаб қилинган маълумотларни ва аудит хулосаларини жамлаган ҳолда 20 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда тузилади ва ариза берувчига тақдим қилинади.
29. Менежмент тизим(лар)ини сертификатлаштириш фаолиятини тартибга солувчи халқаро стандартларга кўра талаб қилинган маълумотлар билан бирга ҳисоботда қуйидагилар акс эттирилади:
муайян менежмент тизим(лар)и доирасида қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган талабларнинг бажарилганлик ҳолати (тегишли ҳолларда);
жорий қилинган менежмент тизимининг натижадорлиги ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига мувофиқлиги юзасидан хулоса;
номувофиқликларни бартараф этиш учун 25 иш кунидан ошмайдиган муддат (номувофиқликлар баённомаси расмийлаштирилганда).
Ҳисоботда қўшимча равишда сертификатлаштириш учун аҳамиятга эга бошқа маълумотлар акс эттирилиши мумкин.
30. Менежмент тизимларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига номувофиқлиги аниқланган ҳолларда, ариза берувчига 1 иш куни мобайнида менежмент тизимлари аудити натижалари бўйича ҳисобот билан биргаликда тақдим этиладиган номувофиқликлар баённомаси расмийлаштирилади.
8-боб. Сертификатлаштириш бўйича қарор қабул қилиш ва мувофиқлик сертификатини ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказиш
31. Ўтказилган сертификатлаштириш натижалари бўйича МТСО томонидан мувофиқлик сертификатини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
32. Мувофиқлик сертификатини тасдиқлаш ҳақидаги қарор назорат аудити натижалари ижобий бўлганда қабул қилинади.
33. Мувофиқлик сертификатини бериш тўғрисида қарор қабул қилинганда, ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 иш куни ичида ахборот тизими орқали мувофиқлик сертификати расмийлаштирилиб, давлат реестрида рўйхатдан ўтказилади ва ариза берувчига тақдим қилинади.
34. МТСО томонидан бир вақтнинг ўзида бир нечта менежмент тизимини сертификатлаштириш ишлари амалга оширилганда, ҳар бир сертификатлаштирилган менежмент тизими учун алоҳида мувофиқлик сертификати расмийлаштирилади.
35. МТСО ўзи томонидан сертификатланган менежмент тизим(лар)ининг сертификатлаштириш мақоми (сертификатлаштириш соҳасини кенгайтириш, қисқартириш, тасдиқлаш, амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш) қайд этиб бориладиган очиқ маълумотлар ресурсини юритади ва унда келтирилган маълумотларнинг долзарблигини таъминлайди.
36. Мувофиқлик сертификати Давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб 3 йил муддатга амалга қилади.
37. Менежмент тизимининг мувофиқлик сертификати ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ шаклда расмийлаштирилади.
38. МТСО ўз фаолияти доирасида расмийлаштирилган ҳар қандай шаклдаги мувофиқлик сертификати, сертификатлаштириш белгиси ва сертификатлаштирилган менежмент тизимига ишора қилувчи ахборотдан халқаро стандартларда рухсат берилган ҳолатларга зид ва ноўрин қўлланишдан ҳимоялаш чораларини кўриши шарт.
39. Мувофиқлик сертификатида акс эттирилган ҳар қандай маълумотнинг ҳаққонийлиги учун уни расмийлаштирган МТСО жавобгар ҳисобланади.
40. Аввал берилган мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати тугагунга қадар 30 кун аввал сертификатлаштириш учун ариза берилганда, менежмент тизими ҳужжатларининг таҳлили ва унинг натижалари бўйича ҳисобот тузишдан ташқари ушбу Низомда белгиланган тартибда қайта сертификатлаштириш ўтказилади.
9-боб. Мувофиқлик сертификатини беришни рад этиш
41. Мувофиқлик сертификатини беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
менежмент тизимлари ҳужжатларининг таҳлили ёки менежмент тизимлари аудити доирасида аниқланган номувофиқликларнинг тегишли ҳисоботларда белгиланган муддатларда бартараф этилмаганлиги;
сертификатлаштириш бўйича бажарилган ишлар учун белгиланган қийматда тўланмаганлиги;
менежмент тизимларининг ушбу Низом билан белгиланган бошқа талабларга номувофиқлиги.
42. МТСО томонидан 1 иш кунида мувофиқлик сертификати беришни рад этиш тўғрисида қарорини қабул қилинади ҳамда ахборот тизими орқали фойдаланувчининг шахсий кабинетига хабар юборилади.
10-боб. Сертификатлаштириш соҳасини кенгайтириш ёки қисқартириш
43. Сертификатлаштириш соҳасини кенгайтиришга талабгор ташкилот мувофиқлик сертификатини берган МТСОга ахборот тизими орқали ариза беради.
44. Сертификатлаштириш соҳаси ушбу Низомда белгиланган тартибда кенгайтирилади.
45. Сертификатлаштириш соҳаси мувофиқлик сертификатини берган МТСО томонидан ташкилотнинг сертификатлаштириш соҳаси назорат аудити натижаларига асосан қисқартирилади.
46. Сертификатлаштириш соҳасини қисқартириш учун тўлов ундирилмайди.
47. Сертификатлаштириш соҳасини кенгайтириш ёки қисқартиришда аввал берилган мувофиқлик сертификатининг қолган муддатига янги мувофиқлик сертификати расмийлаштирилади. Янги мувофиқлик сертификати аввал берилган мувофиқлик сертификати уни берган МТСОга қайтарилгандан сўнг берилади.
48. МТСОнинг сертификатлаштириш соҳасини кенгайтириш ёки қисқартириш ҳақидаги қарори ташкилотга қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 иш кунидан кечиктирмасдан ахборот тизими орқали етказилади.
49. Ташкилот МТСОнинг сертификатлаштириш соҳасини кенгайтириш ёки қисқартириш ҳақидаги қарорини олган кундан эътиборан 3 иш куни ичида аввалги мувофиқлик сертификати уни берган МТСОга кейинчалик Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида Давлат реестридан чиқариш ва йўқ қилиб юбориш учун қайтарилишини таъминлайди.
11-боб. Мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш
50. Мувофиқлик сертификатининг амал қилиши мувофиқлик сертификатини берган МТСО, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки суд томонидан қуйидаги ҳолларда олти ойдан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилади:
менежмент тизими сертификатлаштирилган ташкилот (кейинги ўринларда — ташкилот) томонидан назорат аудити давомида аниқланган номувофиқликлар бартараф этилмаганда;
ташкилот томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талаблар бузилганда;
ташкилот назорат аудитини ўтказиш учун зарур шарт-шароит таъминланмаганда;
ташкилот томонидан ихтиёрий равишда сертификатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида ариза билан мурожаат қилганда.
51. Мувофиқлик сертификатининг амал қилиши мувофиқлик сертификатини берган МТСО, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки суд томонидан қуйидаги ҳолларда тугатилади:
назорат аудити натижаларига кўра;
ташкилот томонидан мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тугатиш ҳақида ариза билан мурожаат қилганда;
ташкилот тугатилганда;
тугатилган ёки фаолияти тўхтатилган вақтдан бошлаб, қайта ташкил этилиши натижасида;
мувофиқлик сертификатини амал қилиши тўхтатиб турилишига сабаб бўлган ҳолатлар МТСО, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки суд томонидан белгиланган муддатда ташкилот томонидан бартараф этилмаганда;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талаблар ташкилот томонидан мунтазам тарзда бузилганда ёки бир марта қўпол тарзда бузилганда;
МТСОнинг мувофиқлик сертификатини бериш ҳақидаги қарори ноқонуний эканлиги аниқланганда;
мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати тугаганда.
52. Мувофиқлик сертификатининг амал қилиши уни тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.
53. Мувофиқлик сертификати мувофиқлик сертификатини берган МТСО, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва суд томонидан қуйидаги ҳолатларда бекор қилинади:
аудит назорати натижаларига кўра;
мувофиқлик сертификати қалбакилаштирилган ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги аниқланганда.
54. МТСО, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва суд томонидан мувофиқлик сертификатини бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилинган ҳолларда мувофиқлик сертификати мазкур қарор ташкилотга берилган санадан эътиборан бекор қилинган ҳисобланади.
55. МТСОнинг мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки уни бекор қилиш ҳақидаги қарори ташкилотга мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 иш кунидан кечиктирмасдан етказилади.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг мувофиқлик сертификати амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки уни бекор қилиш ҳақидаги қарори ташкилотга ва мувофиқлик сертификатини берган МТСОга қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 иш кунидан кечиктирмасдан етказилади.
Суднинг мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки уни бекор қилиш ҳақидаги қарори ташкилотга ва мувофиқлик сертификатини берган МТСОга қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда етказилади.
Ташкилот МТСО, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки суднинг мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тугатиш ёки уни бекор қилиш ҳақидаги қарорини олган кундан эътиборан 3 иш куни ичида мувофиқлик сертификати уни берган МТСО кейинчалик Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига Давлат реестридан чиқариш ва йўқ қилиб юбориш учун қайтарилиши шарт.
56. Ташкилот МТСО ёки Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг мувофиқлик сертификатининг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки уни бекор қилиш ҳақидаги қарорлари устидан судга шикоят қилиши мумкин.
57. Ташкилот мувофиқлик сертификатининг амал қилиши тўхтатиб турилганда, тугатилганда ёки у бекор қилинганда сертификатлаштирилган менежмент тизими мавжудлигига ишора қилувчи белги, матнли ҳавола ва ҳар қандай шаклдаги ахборотдан фойдаланиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга эмас.
12-боб. Сертификатлаштирилган менежмент тизимларини даврий баҳолаш
58. Сертификатлаштирилган менежмент тизимлари устидан назорат аудитлари мувофиқлик сертификатининг амал қилиш даврида, сертификатлаштиришда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида мувофиқлик сертификатини берган МТСО томонидан ўтказилади.
59. Сертификатлаштирилган менежмент тизимлари қуйидаги даврийликда назорат аудитларидан ўтказилади:
биринчи назорат аудити — мувофиқлик сертификати расмийлаштирилган кундан бошлаб 12 ойдан кечикмаган муддатда;
иккинчи назорат аудити — биринчи назорат аудити ўтказилган санадан 12 ойдан кечикмаган муддатда.
60. МТСО сертификатлаштирилган менежмент тизим(лар)и махсус аудитлардан ўтказилиши учун қуйидаги келтирилган ҳолатлар асос бўлиши мумкин:
менежмент тизимига нисбатан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган талабларнинг ўзгариши;
сертификатлаштириш шартларининг ўзгариши;
шикоят;
менежмент тизимининг натижадорлигига таъсир қилувчи бошқа ҳолатлар.
61. Ўтказилган аудит натижалари бўйича мувофиқлик сертификатини тасдиқлаш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин.
13-боб. Аппеляцияларни кўриб чиқиш
62. Манфаатдор томонлар мувофиқликни баҳолаш натижаларидан норози бўлган тақдирда, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Аппеляция кенгашига ёки бевосита судга мурожаат қилишлари мумкин.
63. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Аппеляция кенгаши сертификатлаштириш органининг қарорларига нисбатан норозиликларни кўриб чиқади. Апелляция комиссиясининг таркиби ва фаолият олиб бориш тартиби Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг раҳбари буйруғи билан тасдиқланади.
Апелляция комиссияси берилган апелляцияни кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади.
64. Манфаатдор томонлар Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Аппеляция кенгаши қарори бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят этишлари мумкин.
14-боб. Якунловчи қоидалар
65. МТСО берилган ва бекор қилинган мувофиқлик сертификатлари, амал қилиши тўхтатиб турилган ва тугатилган мувофиқлик сертификатлари, мувофиқлик сертификатларини беришни рад этиш ҳолатлари ҳисобини юритади, шунингдек, ҳар ойда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигига мазкур маълумотларни тақдим қилиб боради.
66. Ариза берувчининг менежмент тизимини сертификатлаштириш билан боғлиқ ҳужжатлар, маълумотлар ва ёзувлар, шу жумладан, берилган мувофиқлик сертификатлари, сертификатлаштириш соҳасининг кенгайтириш (қисқартириш), амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш бўйича қарорлар ва бошқа сертификатлаштириш фаолиятига тегишли маълумотлар берилган мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати ва яна тўлиқ 3 йил давомида сақланади.
67. Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги зарурат бўлганда, МТСОдан сертификатлаштириш бўйича ҳужжатлар нусхаларини сўраб олиши мумкин. Бунда МТСО ташкилотни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда сўралган сертификатлаштиришга доир ҳужжатлар ва маълумотларнинг нусхаларини тақдим этади.
68. МТСО ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида ариза берувчи ёки ташкилот тўғрисида олинган маълумотларнинг сир сақланишини таъминлаши керак.
69. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.
Менежмент тизимларини сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ | |||
МИЛЛИЙ ТИЗИМИ | |||
(менежмент тизимларини сертификатлаштириш органининг номи ва манзили, мувофиқликни баҳолаш органларининг давлат реестридаги рақами) | |||
МУВОФИҚЛИК СЕРТИФИКАТИ | |||
(миллий мувофиқлик белгиси) | Сертификатлаштириш миллий тизими давлат реестрида қуйидаги рақам билан рўйхатдан ўтказилди: | ||
берилган сана: | |||
амал қилиш муддати: | |||
Мувофиқлик сертификати менежмент тизимининг мувофиқлигини тасдиқлайди | |||
(ташкилот номи) | |||
манзили: | |||
қўшимча маълумот: | |||
Менежмент тизимига қўйилган талаб | |||
(норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда) | |||
белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлайди. | |||
ва қуйидаги соҳаларда татбиқ этилади: | |||
Менежмент тизимларини сертификатлаштириш органининг раҳбари | __________ | _______________________ | |
(имзо) | (Ф.И.О.) | ||
М.Ў. | |||
Махсус белгилар учун | |||
Менежмент тизимларини сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга
2-ИЛОВА
2а-жадвал | ||
Ходимлар сони | Менежмент тизимларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва ўқитиш вақти (кун) | Менежмент тизимларини сертификатлаштириш харажатлари |
1 — 5 | 1.5 | Жалб қилинган ходимлар сонидан қатъи назар 1 иш куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,5 баравари |
6 — 10 | 2 | |
11 — 15 | 2.5 | |
16 — 25 | 3 | |
26 — 45 | 4 | |
46 — 65 | 5 | |
66 — 85 | 6 | |
86 — 125 | 7 | |
126 — 175 | 8 | |
176 — 275 | 9 | |
276 — 425 | 10 | |
426 — 625 | 11 | |
626 — 875 | 12 | |
876 — 1 175 | 13 | |
1 176 — 1 550 | 14 | |
1 551 — 2 025 | 15 | |
2 026 — 2 675 | 16 | |
2 676 — 3 450 | 17 | |
3 451 — 4 350 | 18 | |
4 351 — 5 450 | 19 | |
5 451 — 6 800 | 20 | |
6 801 — 8 500 | 21 | |
8 501 — 10 700 | 22 | |
> 10 700 | Кузатиш юқоридаги прогрес |
Изоҳ. Жадвалдаги менежмент тизимларидаги ходимлар сони доимий сифатида кўриб чиқилиши керак. Агар график чизилган бўлса, чизиқ пастки банднинг қийматларидан бошланиб, ҳар бир банднинг охирги нуқталарида тугаши керак. Жадвалнинг бошланғич нуқтаси 1,5 кунга жалб қилинадиган битта ходим бўлиши керак.
2б-жадвал | |
Менежмент тизимларини жорий этиш ва ўқитиш вақти (кун) | Менежмент тизимларини жорий этиш ва ўқитиш харажатлари |
10 | Жалб қилинган ходимлар сонидан қатъи назар, 1 иш куни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,5 баравари |
Изоҳ. Менежмент тизимларини жорий этиш ва ходимларни ўқитиш вақти стандартлар сонидан қати назар ўзгаришсиз қолади.
Менежмент тизимларини сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга
3-ИЛОВА
Менежмент тизимларини сертификатлаштиришдан ўтказиш
ШАКЛИ
Босқичлар | Субъектлар | Тадбирлар | Бажариш муддатлари | |||
1-босқич | Ариза берувчи | Менежмент тизимларини сертификатлаштириш учун ҳужжатлар тўпламини шакллантиради. Сертификатлаштириш органига менежмент тизимларини сертификатлаштириш учун ариза беради. | Ариза берувчининг хоҳишига кўра | |||
2-босқич | Сертификатлаштириш органи | 1. Тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тўлиқлиги юзасидан аризани қуйидагича ўрганади: | ||||
а) аризани кўриб чиқади ва тақдим этилган маълумотларни таҳлил қилади; | 3 иш куни мобайнида | |||||
б) сертификатлаштириш учун аризани қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилади; | 3 иш куни мобайнида | |||||
б) ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган тақдирда уларни қайтаради. | 1 иш куни мобайнида | |||||
2. Сертификатлаштириш учун ариза қабул қилинган ҳолатда уни қабул қилган кундан бошлаб МТСО ва ариза берувчи ўртасида сертификатлаштириш тўғрисида шартнома тузади. | 3 иш куни мобайнида | |||||
3. Аудиторлар гуруҳини шакллантиради. | 10 иш куни мобайнида | |||||
4. Биринчи босқич аудити натижалари бўйича ҳисобот тузади. | 15 иш кундан ортиқ бўлмаган муддатда | |||||
5. Иккинчи босқич аудити натижалари бўйича ҳисобот тузади. | 20 иш кундан ортиқ бўлмаган муддатда | |||||
6. Менежмент тизимларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг талабларига номувофиқлиги аниқланганда, ариза берувчига менежмент тизимлари аудити натижалари бўйича ҳисобот билан биргаликда тақдим этиладиган номувофиқликлар баённомасини расмийлаштиради. | 1 иш куни мобайнида | |||||
7. Белгиланган муддатларда номувофиқликлар бартараф этилганлиги ҳақида маълумот ва тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаганда сертификатлаштириш органи ариза берувчига сертификатлаштириш ишларини тугатиш тўғрисида хабарнома юборади. | 3 иш куни мобайнида | |||||
8. Назорат аудити натижалари ижобий бўлганда мувофиқлик сертификатини тасдиқлаш ҳақидаги қарорни қабул қилади, мувофиқлик сертификатини расмийлаштиради. | 3 иш куни мобайнида | |||||
3-босқич | Ариза берувчи | Ишлаб чиқаришни баҳолаш жараёнида номувофиқликлар аниқланганда, номувофиқликни бартараф этади, тасдиқловчи ҳужжатлар билан сертификатлаштириш органига маълумотларни тақдим этади. | 25 иш кунидан ошмайдиган муддат | |||
4-босқич | Сертификатлаштириш органи | Менежмент тизимлари ҳужжатларининг таҳлили ёки менежмент тизимлари аудитида аниқланган номувофиқликларнинг тегишли ҳисоботларда белгиланган муддатларда бартараф этилмаган ҳолларда МТСО томонидан мувофиқлик сертификатини беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. | 1 иш куни мобайнида |
Менежмент тизимларини сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга
4-ИЛОВА
Менежмент тизимларини сертификатлаштириш органи раҳбарига | |||||
_________________________ | |||||
Менежмент тизимларини сертификатлаштиришга (Менежмент тизимларини сертификатлаштириш соҳасини кенгайтиришга) | |||||
АРИЗА | |||||
_______________________________________________________________________________________да | |||||
(норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар) | |||||
ўрнатилган талабларга мувофиқлиги юзасидан | |||||
_________________________________________________________________________________________ | |||||
(ташкилий тузилманинг жойлашиши кўрсатилган ҳолда менежмент тизимининг сўралган соҳаси номи) | |||||
менежмент тизимини сертификатлаштиришингизни сўрайман. | |||||
Менежмент тизимларини сертификатлаштиришга талабгор бўлган юридик шахс тўғрисидаги маълумотлар | |||||
тўлиқ номи: | |||||
қисқартирилган номи: | |||||
юқори турувчи ташкилотнинг номи, шу жумладан мазкур юридик шахс унинг таркибига кирса: | |||||
почта манзили: | |||||
телефон: | |||||
электрон почта манзили: | |||||
СТИР: | |||||
ИФУТ: | |||||
банк реквизитлари | банк номи: | ||||
банк ҳисобрақами: | |||||
хизмат кўрсатувчи банкнинг МФО: | |||||
штат бирликларининг умумий сони: | |||||
шу жумладан | бошқарув ходимлари: | ||||
хизмат кўрсатувчи ходимлар: | |||||
техник ходимлар: | |||||
менежмент тизимига масъул бўлган шахснинг Ф.И.О., лавозими, боғланиш маълумотлари: | |||||
Менежмент тизими ҳақидаги умумий маълумотлар | |||||
менежмент тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш санаси: | |||||
менежмент тизими татбиқ этиладиган маҳсулот ёки хизматлар: | |||||
ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ёки кўрсатилаётган хизматлар юзасидан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар номи: | |||||
аввал ўтказилган менежмент тизимини сертификатлаштириш тўғрисидаги маълумотлар | менежмент тизимларини сертификатлаштириш органининг номи: | ||||
менежмент тизимларини сертификатлаштиришда асос бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг номи: | |||||
мувофиқлик сертификатининг бланк рақами ва рўйхатга олиш рақами: | |||||
мувофиқлик сертификати берилган сана: | |||||
мувофиқлик сертификатининг амал қилиш муддати: | |||||
Ариза берувчи | _______________________________________________________ | ||||
(имзо) | (Ф.И.О.) | (сана) |